Зарафшон шаҳар ҳокимининг Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриги
2026-05-27 08:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Аввало, шаҳримиздаги барча мўмин-мусулмонларни бутунги муборак айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан 27-май куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгиланганлигини халқимиз катта қувонч билан қарши олди. Президентимиз таъбири билан айтганда: Халқимиз ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда биз учун барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бормоқда.
Бунинг исботи ўлароқ Президентимиз томонидан имзоланган “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорга асосан кўплаб хайрли ва савобли ишлар амалга оширилиши хусусан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган болажонларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш, онкологик, гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш, беморларда жигар ва буйрак трансплантатсияси амалиётини ўтказиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг омонат ҳисоб варақларига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини ўтказиш, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида уларда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструксия қилиш ёки таъмирлаш ҳамда жойлардаги қабристонларни обод қилиш белгиланган.
Мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар учун қарийб 700 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиб “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади.
Жонажон Зарафшонимизда ҳам ушбу қарорга асосан:
-
давлат таъминотидаги оилалар ва якка ёлғиз 131 нафар фуқароларга озиқ-овқат жамланмалари улашилди;
-
ижтимоий ҳимояга муҳтож 21 нафар болаларнинг омонат ҳисоб варақларига
200 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ўтказиб берилди; -
17 нафар онкологик, гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ваучерлар топширилди.
Ушбу муборак кунларда ота-она қарамоғидан маҳрум болалар, ёлғиз кексалар, ногирон ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламидан ҳол-аҳвол сўраш, уларга беғараз мурувват ёрдами кўрсатиш миллий қадрият сифатида кенг қулоч ёзди. Жумладан, Зарафшонда ҳам ана шундай хайрли тадбирлар амалга оширилиб, байрам муносабати билан қувонч ва шодлик улашилмоқда. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди моддий ёрдамлари ва байрам совғалари шахсан ҳоким ва мутасаддилар томонидан фуқароларга топширилди.
Ушбу савобли амаллар юртимизда инсон қадри нақадар улуғлиги, ҳар бир фуқаро давлат эътиборида эканлигининг ёрқин намунасидир.
Азиз дўстлар!
Минг шукрки, истиқлол йилларида халқимизнинг муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жами 28 нафар фуқароларимиз Умра зиёратини адо этишди. Шунингдек, ҳозирги кунда Ҳаж сафарига 17 нафар ҳожи ота ва ҳожи оналаримиз бориб халқимиз учун дуода бўлиб турибдилар.
Қадрли ҳамшаҳарлар!
Дунёда нотинчлик, тартибсизликлар юз бераётган бугунги кунда юртимиз мўмин-мусулмонлари ушбу байрамни тинчлик-омонликда, бағрибутунликда, мусаффо осмон остида нишонлаётгани учун Яратганга шукур айтишимиз лозим. Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган бугунги кунда қўлларимизни очиб ушбу тинчликни сақлашда, халқ фаровонлиги, юрт ривожи йўлида тинмай меҳнат қилаётган Юртбошимиз бошчилигидаги барча соҳа ҳодимлари ҳаққига дуо қилайлик.
Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилакларимиз ижобат бўлсин!
Хонадонларимизда файзу барака тинчлик ва осойишталик аримасин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
