Давлат харидлари соҳасидаги муносабатлар
2026-06-17 16:45:00 / Янгиликлар

Кейинги йилларда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат харидлари давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини пулли асосда таъминлаш жараёнидир.
Корпоратив буюртмачилар ҳам давлат харидларининг субъекти, яъни давлат буюртмачиси (давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс) ҳисобланади.Корпоратив буюртмачилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан юритилади ва ахборот алмашинуви орқали махсус ахборот портали (www.davaktiv.uz)да шакллантирилади.
Давлат харидлари соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.
Қонун 19-моддаси бешинчи қисмининг тўртинчи хатбошисига кўра, давлат буюртмачиси қонунчиликда белгиланган тартибда давлат харидларини амалга ошириши шарт.
Қонуннинг 30-моддасида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари белгиланган.
Давлат харидлари тўғрисидаги шартномалар қонунчиликнинг талабларига мувофиқ ҳолатда тузилиши, шунингдек, Ғазначилик хизмати бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Бундан ташқари, шартномалар тўғрисидаги ахборот Шартномаларнинг ягона реестрига киритилиши керак.
Қонун 47-моддасининг бешинчи қисмида қайси шартномалар тўғрисидаги ахборот Шартномаларнинг ягона реестрига киритилмаган бўлса, ўша шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилиши лозим.
Қонун 71-моддасининг учинчи қисмига кўра, тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди.
Давлат харидлари соҳасидаги муносабатларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1758-моддасида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, давлат харидларининг субъектлари соҳага оид қонунчилик талабларига оғишмай амал қилишлари лозим бўлади.
А.Имомов,
Фарғона туманлараро иқтисодий суди судьяси.
