Судлар мустақиллиги — адолатли жамиятнинг пойдевори
2025-06-20 19:00:00 / Янгиликлар

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги — ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Чунки фақат мустақил судгина ҳар қандай ишни холис, адолатли ва қонунга таянадиган ҳолда ҳал қила олади. Ушбу тамойил фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолат мезонларини қарор топтиришда муҳим ўрин тутади.
Мустақил суд — фуқаролар ишончи кафолати
Суд органларининг фаолияти бошқа ҳокимият тармоқларидан мустақил равишда амалга оширилиши — уларнинг холислиги ва адолатли қарор чиқаришига асос бўлади. Агар судлар ижро ҳокимияти ёки қонун чиқарувчи органлар таъсирида қолса, адолатга эришиш амримаҳол бўлиб қолади. Шу боис, ҳар қандай давлат судлар мустақиллигини таъминлаш орқали халқ ишончини қозониши лозим.
Ўзбекистонда судлар мустақиллигини таъминлашга қаратилаётган чоралар
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ислоҳ қилиш, уни янада мустақил, очиқ ва фуқаролар учун яқин қилиш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Хусусан:
- Судяларни танлаш ва тайинлашнинг шаффоф механизми йўлга қўйилди;
- Судялар фаолиятига ноқонуний аралашув учун жавобгарлик кучайтирилди;
- Судлар моддий ва техник жиҳатдан таъминланаётир, уларнинг мустақил фаолият олиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратиляпти;
- Суд ишларини рақамлаштириш ва “Э-ХСУД” тизимини жорий этиш орқали очиқлик таъминланмоқда.
Суд мустақиллиги — адолатли фуқаролик жамияти сари йўл
Суд ҳокимияти фақатгина одил судловни амалга оширувчи орган эмас, балки жамиятда адолат ва ишонч муҳитини шакллантирувчи муҳим институтдир. Агар судлар холис ва мустақил бўлса, жамиятда қонунга бўлган ишонч ортади, фуқаролар ўз ҳуқуқларини эркин амалга оширади, иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар мустаҳкам пойдеворга эга бўлади.
Хулоса ўрнида
Суд мустақиллиги — нафақат судялар, балки бутун жамиятнинг манфаати йўлида хизмат қиладиган мустаҳкам қадриятдир. Унинг таъминланиши — қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Жумаев Азимжон Азам ўғли,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди судя ёрдамчиси
