Коррупсияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида суд соҳаси, шаффофлик ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
2025-04-19 14:55:00 / Янгиликлар

2025 йил 5 март куни Тошкент шаҳрида Коррупсияга қарши курашиш Миллий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кенгаш аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд тизими вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Йиғилишни Миллий кенгаш раиси олиб борди ва у ўз нутқида коррупсияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни танқидий таҳлил этиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, келгусидаги устувор йўналишларни белгилаб олиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Суд соҳасида адолат ва ишонч – коррупсияга қарши курашда ҳал қилувчи омил
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг суд-ҳуқуқ тизимида коррупсияга қарши курашиш бўйича билдирган танқидий фикрлари ва кўрсатмалари алоҳида муҳокама қилинди.
Президент таъкидлаганидек, суд тизими — халқ ишончини қозониши керак бўлган энг муҳим соҳалардан бири. Судлар фаолиятидаги шаффофлик, холислик ва ҳисобдорлик даражаси аҳолида давлатга бўлган ишончни белгиловчи асосий мезонлардан ҳисобланади.
Йиғилишда судлар фаолиятидаги коррупсиявий хавфларни аниқлаш, айрим ҳолларда суд қарорларида адолат мезонларига риоя этилмаслиги, манфаатлар тўқнашуви, ёки судялар фаолиятида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг учраётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан Президент судяларни танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, суд жараёнларини тўлиқ аудио ва видео ёзувга олиш, суд қарорларини кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Коррупсияга қарши курашда рақамли ечимлар ва жамоатчилик назорати
Йиғилишда коррупсиянинг олдини олишда рақамли ечимлар жорий этилиши муҳим эканлиги таъкидланди. Давлат хизматларини электронлаштириш, тендер ва харид жараёнларида очиқ платформаларни кенг жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини аниқловчи автоматлаштирилган тизимлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Жамоатчилик назоратини кучайтириш, ОАВ ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни институционал асосда йўлга қўйиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, коррупсия ҳақида хабар берган фуқароларни ҳимоя қилиш, уларга қонунан кафолатланган рағбатлар бериш масаласи ҳам алоҳида кўтарилди.
Соҳавий таҳлиллар ва мақсадли чора-тадбирлар
Йиғилишда соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш, божхона, солиқ ва суд тизимидаги ислоҳотлар таҳлил қилинди. Ҳар бир соҳадаги коррупсиявий хавфлар ўрганилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Масалан, таълим соҳасида янги электрон платформа орқали қабул ва баҳолаш тизими йўлга қўйилади. Қурилиш соҳасида тендер жараёнларини шаффофлаштириш, суд соҳасида эса жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича барча қарорларни ягона электрон базада жойлаштириш режалаштирилди.
Йиғилиш якуни: қатъий топшириқлар ва масъулият
Йиғилиш якунида Миллий кенгаш раиси ва Президент томонидан тегишли вазирлик ва идораларга аниқ топшириқлар берилди. Жумладан:
- Судлар фаолиятида шаффофлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
- Барча суд қарорларини онлайн эълон қилишни таъминлаш;
- Давлат органларида коррупсияга қарши ички аудит ва хавф таҳлиллари ўтказиш;
- Коррупсияга қарши курашда фуқаролик жамияти ва ОАВ билан ҳамкорликни кенгайтириш.
Йиғилиш иштирокчилари коррупсияга қарши кураш – бу фақат жазо эмас, балки самарали профилактика, тарғибот, очиқлик ва адолатли бошқарув эканини қайд этдилар.
Жумаев Азимжон Азам ўғли,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди ёрдамчиси
