Халқаро транспорт-логистика форумида муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда
2026-04-03 15:14:00 / Янгиликлар

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Халқаро транспорт-логистика форуми давом этмоқда. Мазкур форум транспорт ва логистика соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илғор тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим платформа ҳисобланади.
Тадбирнинг навбатдаги кунида транспортда назорат органлари вакиллари ташишлар хавфсизлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси Темир йўл транспорти ва метрополитенда назорат бошқармаси бошлиғи А.Абдураҳманов масофадан видеоконференс алоқа орқали иштирок этди.
А.Абдурахманов бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, МДҲга аъзо давлатлар учун ягона темир йўл транспортига оид йўриқнома ва қоидаларини ишлаб чиқиш лозимлиги, бунда темир йўллар инфратузилмаси ва ҳаракатдаги таркибларнинг хусусиятлари бир хил эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Таклифлар иштирокчиларга қизиқиш уйғотди ва ижобий қабул қилинди.



