Транспорт назорати инспекцияси ходимига пора таклиф қилган шахсга нисбатан жиноят иши очилди
2026-02-11 17:15:00 / Янгиликлар

Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль ва сув транспортида назорат Навоий вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари Кармана туманидаги “Самарқанд” ЙПХ масканида “ҲОWО” автотранспорт воситаси тўхтатиб текширилганда автотранспорт воситасидаги Туркия давлатидан рўйхатдан ўтказилган тиркама билан ҳаракатланаётганлиги маълум бўлди.
Инспектор томонидан автотранспорт воситаси ҳужжатлари текшириб кўрилганда ҳайдовчи Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 125-2-моддаси (бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш) билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиши давомида ҳайдовчи ёнида бўлган ва ўзини юкнинг эгаси сифатида таништирган фуқаро инспекторга 800 минг сўм пул таклиф қилиб, чора кўрмасликни сўраган.
Фуқарога ушбу ҳаракатлари жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилишига қарамай, фуқаро юқоридаги ҳаракатларини давом эттириб ходимнинг хизмат вазифасини олиб боришга тўсқинлик қилган.
Инспектор ҳолат юзасидан Транспорт назорати инспекцияси Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходимга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Ҳамкорликда ташкил этилган тезкор тадбирда фуқаро 800 минг пул маблағидан 500 минг пул маблағини инспекторга пора тариқасида бераётган вақтида прокуратура ва ИИБ тезкор ходимлари ҳамда холислар иштирокида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 211-моддасига (пора бериш) асосан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



