Бозор назоратида сифатсиз маҳсулотлар аниқланди
2025-10-14 14:35:00 / Янгиликлар
✅ Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўтказилган навбатдаги назорат харидлари давомида бир нечта ҳудудларда сифатсиз маҳсулотлар аниқланиб, уларни савдодан чиқариш чоралари кўрилди.
📍Андижон шаҳрида Хитойда ишлаб чиқарилган П.И.Т савдо белгили ПМИ180-C1 русумдаги инверторли пайвандлаш аппарати “Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисидаги умумий техник регламент” талабларига номувофиқ деб топилди. Ушбу аппаратдан фойдаланиш металлнинг ортиқча қизишига, аппаратнинг тез ишдан чиқишига ва пайванд сифатининг паст бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
📍Сирдарё вилоятида “ТМТ” МЧЖ савдо дўконида Хитойда ишлаб чиқарилган “НИКУРА” брендли электр чойнак маҳсулоти синовдан ўтказилиб, стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Мутахассислар бу маҳсулотдан фойдаланиш истеъмолчи ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф туғдиришини қайд этишди.
📍 Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида эса “ЭХТРУС” барашкали крайник маҳсулоти синов натижаларига кўра белгиланган стандартларга номувофиқ экани маълум бўлди. Мазкур крайник босимга бардош бермаслиги оқибатида хонадонда сув тошиши ва иқтисодий зарар етказиши мумкин.
🛡Мутахассислар эслатади: арзон нархдаги сифатсиз воситалар фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради.
📞 Ҳурматли истеъмолчилар!
Агар савдо расталарида сифатсиз маҳсулотларга дуч келсангиз, 1880 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.



