Фарғона давлат техника университети талабалари Назорат инспекцияси фаолияти билан танишди
2026-07-09 12:12:00 /
Фарғона давлат техника университети Кимё технология факультетининг «Метрология ва стандартлаштириш» кафедрасида таҳсил олаётган «Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти» таълим йўналиши битирувчи талабалари учун амалий ташриф ташкил этилди.
Ташриф доирасида талабалар Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Фарғона вилояти бўлими фаолияти билан яқиндан танишиб, бўлим бошлиғи Д.А. Алимджанов билан учрашдилар.
Учрашув давомида соҳадаги бўш иш ўринлари, давлат хизматига ишга қабул қилиш тартиби, замонавий метрология ва сифат назорати тизимида ёш мутахассисларга қўйиладиган талаблар ҳамда касбий ривожланиш имкониятлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Амалий ташриф талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва келажакдаги фаолиятига оид аниқ тасаввурларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
