Навоий вилоятида темир-бетон қудуқ маҳсулотлари реализацияси тўхтатилди
2026-07-03 16:14:00 / Янгиликлар
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти ҳудудий бўлими томонидан Навоий шаҳри ҳудудида жойлашган «AAA» АЖда давлат назорати текшируви ўтказилди.
Текширув давомида жамият томонидан ишлаб чиқарилган қурилишда фойдаланиладиган темир-бетон қудуқ маҳсулотларининг амалдаги стандарт талабларига номувофиқлиги аниқланди.
Хусусан, маҳсулотлар бўйича даврий синовлар ўтказилмагани, сифат гувоҳномалари расмийлаштирилмагани, маҳсулотларнинг белгиланган тартибда тамғаланмагани ҳамда мувофиқлик сертификатисиз реализация қилингани маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жамиятга нисбатан маҳсулот реализациясини тўхтатиш ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилишларга йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий чора кўриш учун судга юборилди.
Бундан ташқари, корхонага аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш, маҳсулотларни амалдаги стандарт талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш ҳамда келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
