Ёшларга эътибор – келажакка эътибор
2026-06-30 14:55:00 / Янгиликлар

🎉 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда унинг тизимидаги Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан маърифий тадбир ташкил этилди.
🗣 Тадбирда Агентлик директори Акмал Жуманазаров сўзга чиқиб, тизимда фаолият юритаётган ёш олимлар ва мутахассислар ютуқлари, уларни қўллаб-қувватлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Қайд этилишича, бугунги кунда Агентлик ва Институтда 68 нафар PhD мутахассислар фаолият юритмоқда.
🏅 Тадбир давомида ёш мутахассисларнинг халқаро ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “МДҲнинг энг яхши ёш метрологи” халқаро танлови доирасида Ўзбекистон миллий метрология институти ходимлари фаол иштирок этди.
🌐 Шунингдек, 24 июнь куни SMIIC Метрология кенгаши доирасида тебраниш датчиклари ва ўлчаш воситаларини калибрлаш мавзусида халқаро онлайн тренинг ташкил этилди.
🥇 Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан таъсис этилган “Энг яхши метролог” мукофоти ғолиблари сафида Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб ўрин эгаллади.
👥 Тадбирда Агентлик раҳбарияти, ёш мутахассислар, тизим ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳудудий филиаллар онлайн иштирок этди. Меҳмон сифатида эса актёр Умид Искандаров ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
🚀 Якунда таъкидланганидек, Агентлик тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш, илмий салоҳиятни ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилади.



