Ишлаб чиқарувчи корхоналар билан техник тартибга солиш ва сифатни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-17 10:35:00 / Янгиликлар

⛈ Техник тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият юритувчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан учрашув ўтказилди.
⚡️ Жумладан, “Techno Cable Group” МЧЖ ҚК, “Global Petrochemical Group” МЧЖ ҳамда “Technologies of Real Time” МЧЖ корхоналари вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот давомида кабель маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ҳамда автомобиль эҳтиёт ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда корхоналарнинг мавжуд лабораториялари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, лабораторияларни ривожлантириш ва аккредитациядан ўтказиш, маҳсулотларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ синовлардан ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига халқаро стандартларни кенг жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, халқаро талаблар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозорларда маҳсулотларнинг ишончлилиги ҳамда сифат кўрсаткичларини яхшилаш юзасидан тавсиялар берилди.
Мулоқот давомида ички бозорда реализация қилинаётган кабель маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва автомобиль эҳтиёт ҳамда бутловчи қисмлари устидан бозор назоратини самарали ташкил этиш, номувофиқ маҳсулотларнинг муомалага чиқарилишининг олдини олиш, маҳсулотлар сифати ва истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–25-сон Фармони асосида тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стандартлаштириш ва метрология йўналишларида кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув якунида томонлар ўртасида лабораториялар салоҳиятидан ҳамкорликда фойдаланиш, халқаро стандартларни жорий этиш, бозор назоратини такомиллаштириш, маҳсулотлар сифатини таъминлаш ҳамда корхона ходимлари малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олинди.



