Халқаро экспертлар иштирокидаги тренинг-семинар амалий мулоқотлар руҳида давом этмоқда
2026-06-03 10:55:00 /

Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг ТАИЭХ дастури ҳамкорлигида ташкил этилган “Бозор назорати: Европа тажрибаси” мавзусидаги тренинг-семинар қизғин муҳокамалар ва амалий мулоқотлар руҳида давом этмоқда. Семинар доирасида давлат органлари мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда соҳа вакиллари томонидан бозор назоратига оид долзарб масалалар, амалиётда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари юзасидан фикр алмашилмоқда. Иштирокчилар Европа Иттифоқида бозор назоратини ташкил этиш тамойиллари, амалдаги қонунчилик талаблари, назорат механизмлари ҳамда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар билан яқиндан танишмоқда. Тадбир давомида давлат ва бизнес вакиллари ўртасида очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, иштирокчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга халқаро экспертлар томонидан батафсил жавоблар берилмоқда. Бу эса бозор назорати тизимини такомиллаштириш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хавфсиз маҳсулотлар муомаласини таъминлаш борасидаги билим ва тажрибаларни янада бойитишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда фуқаролар саломатлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, ноозиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди. Тренинг-семинарни мазмунли ва самарали ташкил этиш мақсадида Европа Иттифоқидан халқаро экспертлар Морин Логге, Катажина Беднарз, Ян Деконинк ҳамда Томаш Юзвяк жалб этилган. Мазкур семинар бозор назорати соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш, институтсионал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва хавфсиз маҳсулотлар бозорини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

