Электротехника саноатини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди
2026-06-11 14:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

✅ “Ўзелтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан электротехника саноати корхоналари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш, соҳа вакилларининг мурожаатлари, таклиф ва муаммоларини тизимли ўрганиш ҳамда уларни ваколатли давлат органларига етказиш мақсадида ўтказилди.
✅ Унда “Ўзелтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, соҳа ташкилотлари вакиллари ҳамда электротехника саноати корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида электротехника тармоғини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятида учраётган долзарб масалаларни ҳал этиш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган қатор йўналишлар муҳокама қилинди. Жумладан, саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва уларнинг ички ҳамда ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ва миллий стандартларни жорий этиш, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Энергия самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллаларда кичик қувватли қуёш электр станцияларини барпо этиш лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Мулоқот жараёнида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров иштирокчилар томонидан билдирилган савол ва мурожаатларга атрофлича жавоб берди. Шу билан бирга, мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология йўналишларида тадбиркорлар ҳамда ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
✅ Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатларни умумлаштириш, уларни белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идораларга киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқот кун тартиби учун таклифлар пакетини шакллантиришда инобатга олиш белгиланди.


