Ёшлар куни доирасида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-06-05 18:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

🔘 Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни давлат органлари ва ташкилотларида “Ёшлар куни”ни ўтказиш амалиёти доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбариятининг Тошкент вилоятидаги Миллий тадқиқот технологик университети “МИСИС”нинг Олмалиқ филиали талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
🔘 Тадбирда Агентлик директори Акмал Жуманазаров, директор маслаҳатчиси Наибахон Мамадалиева, университет филиали директори Фарходбек Умаров ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
🔘 Учрашув аввалида филиал директори Фарходбек Умаров олий таълим муассасасининг фаолияти, таълим жараёни ва талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
🔘 Очиқ мулоқот давомида Агентлик директори стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, иқтидорли талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, Беруний ва Ибн Сино номидаги давлат стипендиялари ҳамда бошқа нуфузли танловларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида тушунчалар берилди.
🔘 Шунингдек, Агентлик томонидан олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
🔘 Учрашувда ёшларнинг халқаро таълим дастурлари ва грантларда иштирок этиши, жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
🔘 Мулоқот давомида мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш ва сифат инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистоннинг Глобал сифат инфратузилмаси индекси (ГҚИИ)да эришган натижалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
🔘 Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Агентлик раҳбари бугунги кунда ёшлар учун чуқур билим, кенг дунёқараш ва хорижий тилларни пухта эгаллаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, уларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.


