Конституция — демократик ва ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам кафолати
2025-11-28 10:50:00 / Матбуот анжуманлари

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим ташкилотларининг Навоий ва Бухоро ҳудудий филиалларида ходимлар учун
“Конституция — демократик ва ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам кафолати” мавзусида мазмунли давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган асосий тамойиллар, давлат суверенитети, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги нормалар батафсил ёритилди. Конституциянинг бевосита амал қилиши, фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги аҳамияти ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда Агентлик директори матбуот хизмати раҳбари А. Расулов, коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Қ. Раҳимов, Ўзбекистон Миллий метрология институти директори ўринбосари М. Азимов, шунингдек, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирок этиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Прокуратура вакиллари томонидан Конституцияда белгиланган ҳуқуқий нормалар, қонун устуворлигини таъминлаш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга оид маълумотлар тақдим этилди.
Иштирокчилар фаол мулоқотда қатнашиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан батафсил тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар.
Тадбир Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини чуқурроқ англашга, тизим ходимлари ўртасида ҳуқуқий маданиятни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

