ПФ–63-сонли Фармон мазмуни бўйича инспекция ходимларига тушунтириш берилди
2026-05-12 12:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда таъкидланишича, фармоннинг асосий мақсади — тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш, коррупсион хавфларни камайтириш ҳамда давлат органлари ва бизнес ўртасида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашдан иборат.
2026 йил 1 июлдан бошлаб “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилади. Ушбу тизим орқали текширувлар ва мулоқотлар электрон рўйхатга олинади, назорат жараёнлари рақамлаштирилади, шунингдек, давлат ходимларининг фаолияти бўйича реал вақт режимида маълумот олиш имконияти яратилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августдан бошлаб “Бизнес ҳимоя” ҚР-коди тизими жорий этилади. Унга кўра, барча текширувлар мажбурий равишда ҚР-код орқали рўйхатга олинади, тизимда қайд этилмаган назорат тадбирлари эса ноқонуний ҳисобланади.
Фармонга мувофиқ, давлат хизматчилари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳар бир мулоқот электрон тизимда қайд этилиши шарт. Белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолларда эса хизмат текширувлари, интизомий чоралар ҳамда жавобгарлик механизмлари қўлланилиши назарда тутилган.
Йиғилиш якунида инспекция ходимларига фармон талабларини қатъий бажариш, рақамли назорат тизимларидан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ишлашда шаффофлик ва қонунийлик тамойилларига амал қилиш бўйича топшириқлар берилди.


