Тошкент вилоятида керамик ғишт ишлаб чиқарувчи корхонада қонунбузарликлар аниқланди
2026-03-24 11:45:00 / Янгиликлар
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспексиясининг Тошкент вилояти бўлими томонидан Оҳангарон туманида жойлашган “А.С.” МЧЖда давлат назорати текшируви ўтказилди.
Текширув давомида қатор қонунбузарликлар аниқланди. Хусусан, “Сопол ғишт ва тошлар. Техникавий шартлар” меъёрий ҳужжати талабларига кўра, ишлаб чиқарилган маҳсулот техник назоратдан ўтказилиб, масъул шахс томонидан қабул қилиниши лозим бўлса-да, корхонада ғишт маҳсулотлари назоратсиз қабул қилинган.
Шунингдек, мазкур меъёрий ҳужжат талабларига зид равишда маҳсулотларнинг сув сингдирувчанлиги, оҳак қўшимчалари мавжудлиги, совуққа чидамлилиги ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича даврий синовлар ўтказилмаган.
Бундан ташқари, корхонада меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган бошқа ҳолатлар ҳам аниқланиб, бу орқали Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талаблари қўпол равишда бузилгани маълум бўлди.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхонанинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шунингдек, корхонага нисбатан молиявий жарима қўллаш бўйича ҳужжатлар тайёрланиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Шу билан бирга, мазкур маҳсулотни реализатсия қилиш вақтинча тақиқланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан корхонага тегишли кўрсатмалар берилди.

