Хоразмда қурилиш учун мўлжалланган қуруқ қоришма ишлаб чиқарувчи корхонада қонунбузарликлар аниқланди
2026-03-02 10:20:00 / Янгиликлар
📍 Хоразм вилояти Шовот туманида қурилиш учун мўлжалланган қуруқ қоришма (шпатлевка) маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Ж.Қ” МЧЖДА (номи ўзгартирилган) вилоят инспекторлари томонидан давлат назорати тадбири ўтказилди.
✅ Текширув давомида корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот мувофиқлиги тасдиқланмаган бўлса-да, қонунчилик талабларига зид равишда мувофиқлик белгисидан фойдаланилгани аниқланди.
📰 Шунингдек, маҳсулотлар тегишли тартибда тамғаланмагани, даврий синовлар ўтказилмагани, сифат гувоҳномасиз реализатсия қилингани ҳамда мавжуд ўлчаш воситалари қиёслашдан ўтказилмагани маълум бўлди.
📰 Қайд этилган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 22 ва 27-моддалари, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 28, 42 ва 46-моддалари ҳамда “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 20-моддалари талабларига зид ҳисобланади.
📚 Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан корхона раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилди. Шунингдек, жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича талабнома киритилди.

