Наманганда сифатсиз ювиш воситалари савдога чиқарилгани аниқланди
2026-02-27 17:00:00 / Янгиликлар
Техник жиҳатдан тартибга солиш инспекциясининг Наманган вилояти бўлими томонидан ўтказилган давлат назорати тадбирлари давомида Наманган шаҳридаги савдо шаҳобчаларида сотилаётган идиш-товоқ ювиш учун мўлжалланган гел ва суюқ совун маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланди.
Лаборатория синовлари натижаларига кўра, гел маҳсулотининг кўпикланиш даражаси белгиланган меъёрлардан юқори экани маълум бўлди.
Шунингдек, гел ва суюқ совун маҳсулотлари даврий синовларсиз, сифат назоратисиз ишлаб чиқарилаётгани, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган ўлчаш воситалари эса метрологик қиёслашдан ўтказилмаган ҳолда қўлланилаётгани аниқланган.
Бундан ташқари, мазкур маҳсулотларда мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаса-да, ёрлиғида мувофиқлик (сертификатланганлик) белгиси қўйилган ҳолда реализатсия қилинаётгани ҳам қайд этилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ҳамда “Метрология тўғрисида”ги қонунлари талаблари бузилгани бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, суд идорасига юборилди.

