Фан олимпиадалари марказининг жорий йил ўтган вақти давомида амалга оширилган ишлари юзасидан брифинг
2025-07-17 16:00:00 / Янгиликлар

Бугунги брифинг тадбиримиз давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Фан олимпиадалари марказининг жорий йил ўтган вақти давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Хабарингиз бор, ушбу марказ Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, ўз олдига иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, халқаро ва республика миқёсида мактаб фанлари бўйича ўтказиладиган олимпиада, мусобақа ва танловларни ташкил қилиш каби қатор муҳим вазифаларни қўйган.
Марказ ўтган вақт давомида бир қанча ишларни амалга оширди. Хусусан, жорий йил феврал ойида Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадаси ҳамда физика ва кимё фанлари бўйича Ўқитувчилар олимпиадасининг ҳудудий босқичлари ташкил этилди. Унда умумий ҳисобда 87 минг нафарга яқин ўқувчи ва 9 минг нафарга яқин ўқитувчилар қамраб олинди.
Март ойида Асосий олимпиада ҳамда Ал-Хоразмий номидаги табиий фанлар олимпиадасининг Республика босқичлари ташкил этилди.
Ўқувчиларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш ҳамда терма жамоаларга саралаш мақсадида маҳаллий тренерлар иштирокида кучайтирилган ўқув машғулотлари олиб борилди. Хусусан, терма жамоа аъзолари математика фанидан Қирғизистон ва Хитойда ўтказилган халқаро қўшма ўқув-йиғин жараёнларида иштирок этди.
Март–апрель ойларида терма жамоага номзод ўқувчилар учун информатика ва физика фанлари бўйича Польша ва Беларусдан таклиф этилган халқаро экспертлар иштирокида махсус кучайтирилган ўқув-машғулотлари ташкил этилди.
Апрел ойида терма жамоа вакиллари Европа қизлар математика олимпиадасида иштирок этди ҳамда 3 та медал соҳибига айланди.
17-20 апрел кунлари Туркияда бўлган Халқаро Робототехника олимпиадасида ўқувчиларимиз 11 та медал ҳамда шу йўналишда Италияда бўлиб ўтадиган мусобақа йўлланмасига эга бўлди.
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон терма жамоаси халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, юксак натижаларга эришди.
Математика, физика, кимё, биология, информатика ва инглиз тили фанлари бўйича Қозоғистон, Туркманистон, Бразилия, Сочи, Босния ва Герсеговина, Иордания ва Бирлашган Араб амирликларида ташкил этилган нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари турли даражадаги жами 72 та, жумладан:
Жаутиков олимпиадасида — 19 та;
II Халқаро математика олимпиадасида — 17 та;
Менделеев кимё олимпиадасида — 7 та;
Кавказ ҳамда Болқон математика олимпиадаларида — 12 та;
Осиё информатика олимпиадасида — 3 та;
Осиё физика олимпиадасида — 1 та;
Инглиз тили бўйича халқаро олимпиадада — 9 та;
57-Халқаро Кимё олимпиадасида — 4 та медал ва умумий ҳисобда 6 та кубокни қўлга киритди.
Бу натижалар Ўзбекистон ёшларининг халқаро фан олимпиадалари майдонидаги юқори салоҳияти ва илмий салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Марказ томонидан буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсида кенг тарғиб этиш мақсадида жорий йилнинг 7-13 май кунлари Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадаси ташкил этилди.
Унда Туркия, Озарбайжон, Беларус, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Ушбу баҳсларда ўзбекистонлик ўқувчилар 50 та медал билан якка пешқадамга айланди.
Шунингдек, май-июн ойларида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтда ҳамда унда Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Монголия, Беларус, Ветнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлатлардан 115 нафар ўқувчи қатнашди.
Ўзбекистонлик ўқувчилар ушбу баҳсларда ҳам 19 та медал билан умумий ҳисобда пешқадам жамоа сифатида эътироф этилди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Швеция давлатлари ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили халқаро олимпиадасида юртимиз аъзолари 160 та медал (32 та олтин, 59 та кумуш, 69 та бронза)ни қўлга киритди.
Эътиборингиз учун раҳмат!
