Сўраган эдингиз...
2024-03-04 12:50:00 / Янгиликлар

Савол: Мен ўз методик ишларимни оммалаштириш мақсадида мактаб Педагогик кенгашига топширдим. Агар методик ишларим мактаб миқёсида оммалаштиришга тавсия этилса, ommalashtirish.uz платформасига ўз ишларимни қандай жойлаштираман?
Жавоб: Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 7 февралдаги тегишли буйруғи билан тасдиқланган “Ўқитувчиларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш тартиби”да бу ҳақида батафсил айтиб ўтилган.
Унга кўра, агар сизнинг методик ишингиз Педагогик кенгаш қарори билан мактаб миқёсида оммалаштиришга лойиқ деб топилса, ommalashtirish.uz платформасига жойлаштирилиб кейинги босқичларга юборилади.
Бунда қуйидаги ҳужжатлар ommalashtirish.uz платформасига жойлаштирилиши зарур:
- методик ишингизга таълим муассасаси миқёсида оммалаштирилганлиги тўғрисида Педагогик кенгаш қарорининг электрон (пдф) нусхаси;
- оммалаштириш учун тавсия этиладиган методик ишингиз (методик қўлланма ёки методик тавсия)нинг электрон (пдф) нусхаси;
- ўзингиз тўғрингизда маълумотнома (обективка) ва мутахассислигингиз бўйича диплом нусхаси.
Шундан сўнг сизнинг методик ишларингиз вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида тегишли фанлар бўйича ташкил этилган Ўқув методик кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади.
