Турон» мактаб театри ҳамда «Иқтидор» мактаб ансамбли танловларининг Республика босқич синов жараёнлари
2025-06-17 19:00:00 / Янгиликлар
2025 йил 17-19 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Турон» мактаб театри ҳамда «Иқтидор» мактаб ансамбли танловларининг Республика босқич синов жараёнлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги тегишли қарори асосида ташкил этилаётган «Турон» мактаб театри танловининг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг 24-28 февраль кунлари бўлиб ўтди ҳамда унда 45 288 та жамоа (362 304 нафар ўқувчи) иштирок этди.
Танловнинг ҳудудий босқичи 11-29 март кунлари 208 та жамоа (1 664 нафар ўқувчи) ўртасида юқори савияда ўтказилди.
Жорий йил иккинчи маротаба ўтказилаётган «Турон» мактаб театри танлови баҳсларида мактабларнинг 6-11 синф ўқувчиларидан (8 нафар) иборат жамоалар иштирок этди.
Жамоалар иккита (“Бизнинг мактаб” таништирув ва савол-жавоб ҳамда “Театр – ибратхона” саҳна спектаклини намойиш этиш) шарт асосида беллашишди.
Бунда иштирокчи жамоалар миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизга мос, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарлардан спектакль кўринишида парчалар ижро этишди.
Танлов жараёнлари таниқли театр актёрлари, соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
«Иқтидор» мактаб ансамбли танловининг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг 7-11 апрель кунлари 8 890 та жамоа (71 120 нафар ўқувчи) ўртасида, ҳудудий босқичи 14-29 апрель кунлари 208 та жамоа (1 664 нафар ўқувчи) ўртасида юқори савияда ўтказилди.
Ўқувчи-ёшларнинг миллий чолғу санъатига бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилувчи мазкур танловида 6-10 синф ўқувчилари (8 нафар)дан иборат жамоалар иштирок этди.
Жараёнлар Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва хизмат кўрсатган артистларидан иборат санъаткорлар томонидан баҳолаб борилди.
Жорий йилнинг 17 июнь куни Самарқанд шаҳрида мазкур танловларнинг Республика босқичи жараёнлари бошланди.
Бунда ҳар бир танлов бўйича ҳудудлардан келган 14 та жамоа (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) белгиланган шартлар асосида куч синашади. Баҳслар таниқли санъаткорлар ва соҳанинг малакали мутахассислари томонидан баҳоланади.
Шунингдек, иштирокчи ўқувчилар Самарқанд шаҳридаги тарихий ва маданий обидаларга саёҳат қилишади.
«Турон» мактаб театри танлови баҳслари ҳудуддаги Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театрида, «Иқтидор» мактаб ансамбли танлови баҳслари Нурафшон санъат саройида ташкил этилади. Танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтади.
Якуний натижаларга кўра, ғолиб деб топилган жамоа аъзолари хорижий давлатлар («Турон» мактаб театри танлови ғолиблари Туркияга, «Иқтидор» мактаб ансамбли танлови ғолиблари Озарбайжон)га таълим саёҳатига юборилади.
Шунингдек, танловларда 2-3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Мактабгача ва мактаб таълими
вазирлиги Ахборот хизмати
