Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилди
2025-06-03 16:50:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 28 май –– 3 июнь кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамда Фан олимпиадалари маркази томонидан Тошкент шаҳрида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида иккинчи маротаба Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилмоқда.
Олимпиадада дунёнинг 13 та мамлакати — Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Монголия, Беларус, Ветнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат, жами 115 нафар (28 та жамоа) ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Саудия, Россия, Беларус ва Англия каби хорижий мамлакатлардан халқаро олимпиадалар соҳасида кўп йиллик тажриба ва юқори салоҳиятга эга эксперт мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистондан академик унвонга эга профессорлар жалб этилди.
Олимпиада босқичлари 2 турда ташкил этилади:
1-тур амалий (лаборатория) иш шаклида ўтказилиб, 1 та топшириқ берилди ва максимал 30 балл билан баҳоланди. 2-тур топшириқларини бажариш учун 5 соат вақт ажратилди.
2-тур ёзма иш (назарий) шаклида ўтказилиб, иштирокчиларга 5 та топшириқ берилди ва ҳар бир топшириқ максимал 10 баллдан баҳоланди — жами 50 балл. Мазкур тур топшириқларини бажариш учун иштирокчиларга 5 соат вақт ажратилди.
Олимпиада доирасида ўқувчи-ёшлар учун халқаро мутахассислар иштирокида бир қатор маҳорат дарслари ўтказилди.
Шунингдек, олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий ва маданий объектларига саёҳатлар ташкил этилди ҳамда юртимизнинг маданий ва маърифий мероси билан яқиндан танишишди.
Мазкур олимпиада кимё фани бўйича жорий йилнинг июль ойида ўтказиладиган Халқаро Кимё Олимпиадаси (ИЧО)га навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз: Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси илк маротаба 2023 йили Хива шаҳрида ўтказилиб, унда 15 та мамлакатдан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат жами 130 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этган.
Ушбу баҳсларда Ўзбекистон вакилларидан умумий ҳисобда 15 нафар иштирокчи (3 та олтин, 8 та кумуш, 4 та медаллар) мусобақанинг турли даражадаги медаллари билан тақдирланган.
Маълумот учун: 2022 йилда юртимиз ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 46 та, 2023 йилда 91 та, 2024 йилда эса 128 та, 2025 йил май ойига қадар 132 та медални қўлга киритди.
