Тарбияланувчилар ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг республика босқичи ўтказилди
2025-05-02 11:00:00 / Янгиликлар
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида "шахмат фестивали” тадбирининг Республика босқичи ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 8-майдаги ПҚ–150-сон қарорига мувофиқ мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақаларини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган “Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги низом”га мувофиқ мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг мактабгача таълим ташкилоти босқичи жорий йилнинг 1-11 апрел кунлари, туман (шаҳар) босқичи 14-18 апрел кунлари, вилоят босқичи 21-25 апрел кунлари ўтказилди.
Бугун, 2 май Тошкент шаҳрида жойлашган Халқаро шахмат академияси биносида мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.
“Шахмат фестивали” мусобақасининг республика босқичида жами 28 нафар (14 нафари ўғил ва 14 нафар қиз) тарбияланувчилар иштирок этдилар ва ўзаро беллашди.
Мусобақа якунлари бўйича ўғил ва қиз бола тарбияланувчилардан фахрли 1-, 2- ва 3-ўрин ғолиблари аниқланиб вазирлик дипломи, қолган иштирокчилар фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Эслатиб ўтамиз: Мусобақада мактабгача таълим ташкилотининг 5-7 ёшли ўғил ва қиз бола тарбияланувчилари якка тартибда иштирок этдилар.
Маълумот учун: Мазкур мусобақаларининг мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган 1-босқичида 30 352 нафар тарбияланувчи, 2- туман ва шаҳар босқичида 7 375 нафар, ҳудудий 3-босқичида 416 нафар, 4-республика босқичида 28 нафар тарбияланувчилар иштирок этди.
