“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
2025-04-25 18:30:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг март-апрель ойларида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Синовларда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 16 384 нафар директор ўринбосари ва тарбиячилари қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилди:
- ”Энг яхши методист”;
- “Йилнинг энг фидокор тарбиячиси”;
- “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”;
- “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”;
- “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”;
- “Янги Ўзбекистонда янги авлод болаларини маънавий камолотга етакловчи энг яхши тарбиячи”.
Танловнинг Республика финал босқичи жорий йилнинг 24-25 апрель кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида ўтказилди.
Биринчи шартда иштирокчилар:
— мактабгача таълим сифатини оширишда (таълим мазмуни, таълимда методикани қўллаш, таълимга инновацияларни жорий этиш, таълим сифатининг натижавийлиги ва ҳ.к) мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ янги таклифлар тўғрисида лойиҳа тақдимотини ўтказди ва у 30 баллик мезон асосида баҳоланди.
Иккинчи шартда — тегишли номинациялар бўйича танланган мавзу юзасидан машғулот ишланмаси тайёрланди ва унга 60 дақиқа вақт берилди (40 баллик мезон асосида баҳоланди).
Учинчи шартда — иштирокчиларга методика ва мактабгача таълим соҳаси бўйича 20 тадан тест саволлари, ҳар бир савол учун 2 (икки) дақиқа вақт берилди.
Тест саволларининг ҳар бир тўғри жавоби 1,5 (бир ярим) балл билан баҳоланди ва умумий 30 баллни ташкил этди. Тест синовлари онлайн тартибда ўтказилди.
Тадбирда танловнинг Республика финал босқичи ғолиблари бир марталик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Маълумот учун: олий маълумотга эга бўлмаган ғолиблар олий таълим муассасаларининг «Мактабгача таълим» йўналишига кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имтиёзини қўлга киритади.
