“МАНФАТЛАР ТЎҚНАШУВИ”НИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА МУҲИМ ОМИЛ
2025-03-11 09:35:00 / Янгиликлар
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 6 майдаги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги 931-сонли Қонуни 2024 йилнинг 6 декабридан кучга кирди.
Ҳозирда республикамизнинг бошқа ҳудудлари қатори Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти, масъул ходимлари, шу жумладан, коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат шўбаси йўналиши бўйича ишлаётган ходимлар олдида ҳам таълим тизимидаги фаолиятимизни янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига мос равишда ташкил қилиш, мавжуд, ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф қилиш, соҳа ходимлари орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва ниҳоят халқимизнинг таълим тизимидаги бугунги кундаги ислоҳотларга бўлган ишончини янада ошириш билан боғлиқ улкан, масъулиятли вазифалар турибди.
Бу ерда “улкан” сўзи беҳудага ишлатилмади. Чунки Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги тизим ташкилотлари сони ҳозирги кунда 936 га яқин бўлиб, унда ишлаётган ходимлар сони 62 мингдан ортади. Бунинг устига таълим тизимидаги 132 мингдан ортиқ тарбияланувчилар, 372 мингдан ортиқ ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан боғлиқ таълимга алоқадор муаммолар, уларни қийнаётган масалаларни эътиборга олмоқ жоиз.
“Иш бор жойда камчилик бўлади”, деган мазмундаги, яъни коррупцияга қарши курашиш борасида ўринсиз бўлган қараш, фикрлаш тўғрисида озгина ўйлаб кўрсак, бу тизимдаги ечимини кутаётган муаммолар кўлами қанчалик кенглигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Коррупцияга қарши курашишда ташкилот раҳбарларининг ходимларга шахсий намуна, ўрнак булиши энг муҳим омиллардан биридир. Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 7 февралдаги 05-19-сонли “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича 2025 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси”да белгиланган топшириқларни ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмоқда.
Юқоридаги Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунининг “Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар” ҳақидаги 8-моддасининг 1-хат бошисида “бири бошқасига бўйсунувчи ёки бири бошқасининг назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга” ҳақли эмаслиги белгиланган ва “бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно” деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг “Қариндошларнинг давлат ташкилотида бирга хизмат қилишини чеклаш” юзасидан 121-моддасига кўра эса “Ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса тақиқланади. Ушбу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши мумкин” деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 758-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга оширишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 3-иловасида “Қариндошларнинг бирга ишлашларини чеклаш тўғрисидаги қоидалардан истисноларга йўл қўйилиши мумкин бўлган давлат ташкилотлари ходимларининг рўйхати” тасдиқланган. Мазкур рўйхатнинг 6-бандига “Барча таълим ташкилотларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар; 12-бандида “Қишлоқ жойларда ишлайдиган ўрмон ва сув хўжалиги мутахассислари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари, тиббиёт ходимлари, маданий-маърифий ташкилотлар ходимлари киритилган.
Қонун ҳужжатларининг юқоридаги қисмлари бўйича тўхталишимга асосий сабаб шуки, сўнгги пайтларда айрим таълим ташкилотлари раҳбарларининг “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги қонун чекловларидан кўра, юқоридаги истисноларни кўпроқ инобатга олиб, бир нечта яқин қариндошларини ишга олиши оқибатида фуқароларнинг норозилиги билан боғлиқ мурожаатлар сони ортмоқда.
Шу ўринда мисол тариқасида келтириб ўтсам: бир таълим такшкилоти раҳбари 8 нафар, яна бири эса 6 нафар яқин қариндошини ўзи бошқараётган ташкилотга ишга олган. Бу эса мазкур ташкилотларнинг бошқа ходимларида норозилик уйғотган ва улар юқори ташкилотларга шикоят аризалари билан мурожаат қилишган. Шуни айтиб ўтишим лозимки, мақоладаги фактлар маълум бир шахсга қаратилмаган ва бу умумий ижобий жамоат фикрини шакллантиришга хизмат қилади, деган фикрдаман.
Аввало, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасидаги асосий тушунчаларга эътибор қаратишимиз зарур. Унда: “Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият” деб қўйилибди.
Қонуннинг 6-моддасида “Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими: ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши” шартлиги кўрсатилган.
Яқин қариндошларингизнинг сизга тўғридан тўғри буйсунувдаги бўш иш ўрнига ишга қабул қилиниши ҳамкасбларингизнинг ёки бошқа фуқароларнинг норозилигига сабабчи бўлаётгани мана шу тамойилларнинг бузилиши оқибати эмасми? Балки, атрофингиздаги қанчадан қанча фуқаро ёки хонадон иқтисодий қийинчиликлар оқибатида ушбу иш ўрнига сизнинг қариндошингизданам кўра муҳтож бўлгандир.
Қоннуннинг 4-моддасида “Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принсиплари” сифатида: “қонунийлик; фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, холислик, коррупсияга нисбатан муросасизлик” кўрсатиб ўтилган.
Сиз ўз яқин қариндошларингизни ишга олаётганда холис бўлганмисиз? Саволлингизга жавоб ўзингизда. Бугунги кунда ҳаётий ва касбий тажрибангиздан келиб чиққан хулосангиз, тарбиянгиз, билимингиз, дунёқарашингиз, иймон-эътиқодингиз, қолаверса, тўғрисўзлик, ҳалоллик, поклик, инсонийлик каби ўта муҳим, ҳозирги кунда жуда долзарб бўлган ўзбекона миллий кадриятларимизга бўлган муносабатингиз призмасидан ўтказган ҳамда юқоридаги қонунларга қатъий амал қилган ҳолда иш қилсангиз, ўйлайманки, хатти-ҳаракатларинггиз сизни тўғри йўлдан адаштирмайди.
Алишер ҲАСАНОВ, Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат шўбаси бош мутахассиси
