Вазирлик томонидан Матбуот анжумани ташкил этилди
2025-02-28 12:05:00 / Янгиликлар

2025 йил 28 февраль куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар aгентлигида “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасига доир Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тафсилоти”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов, вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасига доир Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига киритилаётган тегишли ўзгартиришларга биноан, жорий йилдан бошлаб давлат мактабгача ва умумтаълим ташкилотларининг психолог кадрлари ҳам аттестациядан ўтказилади.
Эндликда чет тили фани ўқитувчилари билан бир қаторда камида B+ даражадаги умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида сертификатга эга фан ўқитувчилари ҳам (бошланғич таълим ўқитувчилари бундан мустасно) малака синовларининг биринчи босқичидан озод этилиб, максимал (80) балл берилади (аммо иккинчи босқич синовида иштирок этишлари лозим).
Аттестациядан ўтказиш тизими ваколатли хорижий ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилгандан сўнг, аттестацияда 86 ва ундан юқори балл олган педагогларга базавий тариф ставкасининг 70 фоиз миқдорида устама белгиланади.
Бунда қўшимча устама фақат малака синовида (иккала босқичда) иштирок этиб, олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) педагогларга икки йил давомида берилади.
Умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун биринчи босқич (тест) синовлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, иккинчи босқич (амалий (ижодий) синовлари Маданият вазирлиги томонидан;
Умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун биринчи босқич (тест) синовлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, иккинчи босқич (амалий имтиҳон) синовлари Спорт вазирлиги томонидан ташкил этилади.
Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаган, аттестациядан ўтганлик муддати тугаган ва амалдаги малака тоифаси сақланиб қолган қуйидаги педагоглар 2025 йил 1 сентябрга қадар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди ҳамда уларга амалдаги малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади:
олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган;
педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган;
ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган;
педагогик фаолият билан шуғулланаётган пенсия ёшига тўлган.
Шунингдек, қуйидаги талаблардан бирига жавоб берадиган педагогларга белгиланган муддатга қадар тўғридан-тўғри малака тоифаси берилади:
педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган;
ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган педагогларга – уларнинг амалдаги малака тоифаси;
олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагогларга – олий малака тоифаси.
2025-2026 ўқув йилидан бошлаб таълим ташкилотларида фаолият юритаётган мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани педагоглари, пенсия ёшидаги педагоглар ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган педагоглар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сон қарорига киритилаётган ўзгаришларга кўра, келгуси йилдан бошлаб Вазир жамғармасидан устама олиш учун даъвогарлар, аввалги йилда ўтказилган малака синовларининг биринчи босқичида умумий баллнинг камида 80 фоизини қўлга киритган фан ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари орасидан ўрнатилган тартибда танлаб олинади.
Тадбир давомида журналистларнинг мавзуга доир саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.
