Пойтахт таълим муассасалари фаолиятига доир қатор масалалар муҳокама қилинди
2025-02-05 18:05:00 / Янгиликлар

Бугун пойтахтимизда жойлашган Симпозиумлар саройида Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва педагоглари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, пойтахт туманлари ҳокимлари, масъул раҳбарлар ҳамда таълим тизими вакиллари иштирок этди.
😄 Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда бугунги кунда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, таълим сифатини ошириш, тизимни рақамлаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, айни вақтда пойтахтимизда 326 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, ушбу таълим масканларидаги 500 минг нафарга яқин ўқувчиларга 25 минг нафардан ортиқ педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.
Шунингдек, 499 та давлат, 431 та нодавлат, 10 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 107 та оилавий, умумий ҳисобда 1 047 та мактабгача таълим ташкилотларида 160 минг нафардан ортиқ тарбияланувчи бор.
2024-йилда пойтахтдаги 25 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш (2 та мактабда янги қурилиш, 18 тасида реконструкция, 5 тасида мукаммал таъмирлаш) ишлари олиб борилиши натижасида 17 115 нафар янги ўқувчи ўрни ташкил қилинди. 16 та мактабгача таълим ташкилотида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида 2 340 нафар боланинг мактабгача таълимга қамраб олиш имконияти яратилди.
✅ Хориждан жалб қилинган тил эгалари тажрибасидан самарали фойдаланиш натижасида умумтаълим мактабларида фанни билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга ўқитувчилар улуши 67,5 фоизга, ўқувчилар улуши эса 15,9 фоизга кўтарилди.
Танқидий руҳда давом этган учрашувда пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида тўлиқ жорий этилаётган янги баҳолаш тизимини ташкил этишга доир муҳим масалалар тилга олиб ўтилди.
➖Айтилганидек, бу жараён ягона стандарт ва мезонлар асосида амалга оширилаётганлиги сабабли ўқувчиларнинг билим кўрсаткичи 6 фоизга (46 дан 53 фоизга) ўсишига эришилди. Шу мақсадда келгуси ўқув йилидан бошлаб янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сонини икки бараварга ошириш белгиланганлиги қайд этилди (ҳозирда 1500 та мактабда жорий этилган).
Учрашувда таълим муассасалари инфратузилмаси, давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти ҳамда инклюзив таълимни янада ривожлантириш, мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш бўйича навбатдаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
➖Шунингдек, мактаб директорлари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг ушбу масалаларга доир таклифлари тингланди. Белгиланган масалалар бўйича тегишли масъул раҳбарларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда тегишли туманлар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиғи лавозимига тайинланган янги раҳбарлар иштирокчиларга таништирилди.
