Сўраган эдингиз...
2024-06-24 13:50:00 / Янгиликлар

Савол: Менинг яшаш манзилим қайси мактаб микроҳудудига киришини қаердан билиб олсам бўлади?
Жавоб: Бунинг учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг my.maktab.uz электрон порталида яшаш манзилингиз бўйича тегишли маълумотларни киритиб, фарзандингизни таълим олиш тилини танлаганингиздан сўнг "Қидириш тугмаси"ни босасиз. Шундан сўнг, ойнада яшаш манзилингиз қайси мактаб микроҳудудига бириктирилганлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлади.
Бундан ташқари ҳар бир мактабда ота-оналарга қулай бўлган, барчага кўринадиган жойда 1-синфга қабул жараёнларига оид, жумладан, микроҳудуд ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.
Савол: Фарзандимни 1-синфга топшириш учун электрон платформа орқали онлайн ариза бериб бўлганимдан сўнг, шахсий маълумотларимда хатоликлар аниқланса, уларни қай тартибда тўғрилашим мумкин?
Жавоб: Бунда аризангиз мактабга юборилган бўлса, мактаб томонидан аризангиз сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилади. Шундан сўнг, шахсий маълумотларингизни таҳрирлаб, қайта ариза беришингиз мумкин.
Савол: Боланинг ота-онаси чет элда, жиянларимни мактабга жойлаштириш учун ўзим ариза топширсам бўладими?
Жавоб: Ҳа, топшириш мумкин. Бунда электрон платформада шахсий маълумотларни шакллантирганингиздан сўнг, тегишли майдонни белгилаб, васийлик бўйича қарорни бириктиришингиз керак бўлади.
Шунингдек, қўшимча маълумотлар олиш учун Вазирликнинг “Cалл маркази”- 71-203-07-04 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
