"9-май — Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўқувчилар иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилади
2024-04-21 18:05:00 / Янгиликлар

Куни кеча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида "9-май — Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва Мактабгача таълим агентликларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Видеоконференсия шаклида ўтказилган йиғилишда:
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон шараф”, Қуролли Кучлар давлат музейлари, Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳамда жойлардаги музей ва Хотира майдонларига барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўқувчиларнинг экскурсияларини ташкил этиш;
мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, аҳолини тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда қаҳрамонлик кўрсатиб, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган хизматчилар таҳсил олган мактабларда хотира тадбирларини ўтказиш;
ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида олий ҳарбий таълим муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини уюштириш;
умумтаълим мактабларида фахрийлар иштирокида Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасини акс эттиришга қаратилган “Номингиз дилларда мангу яшайди” мавзусида жасорат тарихи дарсларини ўтказиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
