Ўрмон агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади. Ўрмон агентлиги ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.
Ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;
Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш;
Ўрмон фондини самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни тиклаш, қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш;
Барча ўрмонларнинг давлат ҳисобини ҳамда давлат ўрмон кадастрини тузиш ва юритиш;
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, кўчатчиликни ривожлантириш, дарахт ва бута кўчатлари питомникларини кўпайтиришни ташкил этиш;
Чўлланишга қарши курашиш тадбирларини ташкиллаштириш ва амалга ошириш;
Ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш;
Ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларидан муҳофаза қилиш;
Манзарали дарахт ва бута уруғчилиги ҳамда кўчат етиштириш тизимини ривожлантириш, кўчатчиликда “ин-витро” лабораторияларини кенг жорий этиш, манзарали дарахт ва бута уруғлари ҳамда кўчатларини сертификатлаштириш ҳамда стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш;
Ўрмон хўжаликларида ижара муносабатларини тартибга солиш, ҳисобини юритиш;
Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларининг жисмоний ва юридик шахсларга инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилишини мувофиқлаштириш.