Республика ҳудудларида "Яшил боғ" лойиҳаси амалга оширилди
2025-11-05 09:47:00 / Янгиликлар

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 2000 дан ортиқ, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳридаги "Янги Ўзбекистон" боғида 2000 туп, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида 6500 туп, Сирдарё вилояти Сирдарё туманида 6000 туп, Наманган вилояти Давлатобод туманида 5000 туп дарахт экилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 1700 туп, Навоий вилояти Кармана туманида 2000 туп, Тошкент шаҳрида 1000 туп, Қашқадарё вилояти Қарши туманида 2000 туп, Андижон вилоятида эса 6000 туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Маълумот учун, айни дамда Самарқанд ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилмоқда. Тадбир доирасида "Боқий шаҳар"да ва Самарқанд вилоятининг Қорасув ҳудудида ҳам дарахтлар экилди. Бу ҳудудларда ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишлаб яшил боғ барпо этилмоқда ва рамзий маънода 80 мингта дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Таъкидлаш жоизки, яшил боғ 9 қисмга бўлинади ва Соҳибқирон Амир Темурнинг машҳур 9 та боғи хусусиятларини ўзида акс эттиради. Мазкур боғ ЮНЕСКОнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги тамойилларига тўлиқ мос келади ҳамда Ўзбекистон экологик ташаббусларда бардавом эканлигини ифодалайди.






