Ўрмон хўжаликларида муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
2025-10-15 12:24:00 / Янгиликлар

Тренингни ўтказишдан асосий мақсад аҳоли ва ходимлар ўртасидаги шикоятларни бартараф этиш йўллари, лойиҳа доирасида олинган тракторларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улардан экологик зарар етказмасдан фойдаланиш каби масалаларни ҳудудларда кенг тарғиб этишдан иборат.
Сирдарё ўрмон хўжалигининг масъул ходимлари, ўрмон ҳудуди атрофида яшовчи аҳоли вакиллари иштирок этган семинарда лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудлар атрофида яшовчи аҳолидан келиб тушадиган шикоятларни ҳал қилиш чоралари ва муддатлари ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, ушбу шикоятларни телефон орқали, оғзаки, ижтимоий тармоқлардан аноним тарзда ёки ёзма тарзда шикоятлар қутисида қабул қилиш, уларни бартараф этиш босқичлари, гендерга асосланган шикоятларни олиш ва бартараф этиш механизмлари бўйича тушунтиришлар олиб борилди.
Шу билан бирга, ўрмон хўжаликларида экологик ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш, харид қилинаётган техникаларни қабул қилиш жараёнида қонунчиликка асосланган санитар нормалар, улар жойлаштириладиган гаражлар ҳажми ва уларга қўйиладиган талаблар, меҳнат муҳофазаси, экологик талаблар, мой алмаштириш жараёнларининг тартиби, атмосфера муҳофазаси ҳамда Жаҳон банки халқаро стандартлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Якунда иштирокчиларнинг мавзуга оид саволларига батафсил жавоблар берилди. Бу каби семинар-тренинглар лойиҳа олиб борилаётган бошқа туманларда ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

