Ўзбекистонда экология муҳофазаси бўйича Марказий Осиё тадқиқот маркази ташкил этилади
2025-05-22 08:22:00 / Янгиликлар
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида вазир Азиз Абдуҳакимов ва Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси висе-президенти, профессор Хе Хунпин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.
Тадбирда 2024 йил январида имзоланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро битим доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди. Барқарор ҳамкорлик ва қўшма илмий ва амалий ташаббусларни кенгайтириш муҳим эканлиги қайд этилди. Ҳамкорликда Арнасой, Кармана, Муборак, Қоракўл ва Нукус туманларида галофит ўсимликлари боғларини яратиш, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлигига 1,4 тонна уруғ етказиб бериш, шунингдек, ифлосланиш даражасини мониторинг қилиш учун рақамли тизимларни жорий этиш ва хитойлик мутахассисларнинг “Яшил макон” умуммиллий ташаббусини амалга оширишда иштирок этиши каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши шулар жумласидандир.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Хитой Фанлар академиясининг Синсзян экология ва география институти (САС XIEG) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Азиз Абдуҳакимов ва SAS XIEG бош директори, профессор Чжан Юанмин имзолашди.
Меморандумга кўра, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Греэн University”) негизида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳитни ўрганиш илмий-тадқиқот марказини (Ташкент Headquarter) ташкил этиш бўйича келишиб олинди. Ушбу Марказ минтақада илмий тадқиқотлар, мутахассисларни тайёрлаш, технологиялар ва тажриба алмашиш, шунингдек, “яшил” ва барқарор ривожланишни тарғиб қилишда муҳим платформа вазифасини бажаради.
Ҳужжатда ҳамкорликнинг кенг йўналишларини амалга ошириш кўзда тутилган: илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, қўшма тадқиқотлар ва нашрлар тайёрлаш, лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
Mеморандум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги экологик ҳамкорликни чуқурлаштириш, глобал иқлим муаммоларига самарали курашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
