2030 йилгача Республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган
2025-05-21 15:40:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экиш, 2030 йилга қадар Республикада яшиллик даражасини 30 фоизга, ўрмон билан қопланганлик даражасини 8 фоиздан 15 фоизга (6,1 млн гектар) етказиш мақсад қилинган.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган 4 йил давомида республика бўйича жами 872 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 145-Ф сон Фармойишига мувофиқ “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 125 млн. туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос 136,9 млн туп, шундан, ўрмон фонди ерларида 8,3 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Кўчат экиш тадбирлари учун 90 та янги сув чиқариш қудуқлари ва 478,45 км масофада суғориш тизимлари ишга туширилди. Суғориш имконсиз бўлган ҳудудларга 460 та техника бириктирилди. 2025-йилда ўрмон хўжаликлари томонидан лойиҳа доирасида 30 млн туп кўчат тайёрлаб берилиши белгиланган бўлиб, баҳор мавсумида дастлабки 14 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари етказиб берилди. Қолган қисми кузги мавсумда етказиб берилиши режалаштирилган.
Жумладан, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига 406 минг 372 туп, соғлиқни сақлаш муассасаларига 492 минг 623 туп ва республикадаги 1024 та маҳаллага 808 минг 200 туп кўчат етказиб берилди. Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 126,2 минг гектар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 71,9 минг гектар, Бухоро вилоятида 23,3 минг гектар, Навоий вилоятида 16 минг гектар ва Хоразм вилоятида 15 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда тупроқ эрозиясига қарши 256 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.
Жорий йил баҳор мавсумида Шаҳрисабз туманида ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги томонидан махсус техника ва механизмларни жалб этган ҳолда 10 гектар майдонда 3,1 минг туп ва Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги тоғолди ҳудудларида Жиззах давлат ўрмон хўжалиги томонидан Хитой ва Туркия тажрибаси асосида 28 гектар майдонда 12,7 минг туп дарахтлар экилиб, терасса усулида ўрмонлар барпо қилинди.
2024-йилда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида республиканинг туман ва шаҳарларида жами 215 та “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этилди. Ушбу тадбирлар жорий йилда изчил давом эттирилмоқда.
Жорий 2025-йил “Атроф асраш ва “яшил иқтисодиёт йили” давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумида 75,0 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. 257 та “яшил боғ”лар барпо этилиб, уларнинг умумий сони 701 тага етказилади, 450 минг дарахт ва буталар хатловдан ўтказилади. Хитойнинг Шинжон экология ва география институти билан ҳамкорликда Нукус, Арнасой, Муборак, Қоракўл ва Кармана туманларида 5 та галофит боғлари ташкил этилади.
Шунингдек, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида 2,7 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Ўрмон уруғчилигида 1,5 минг тонна уруғ, 123 млн туп ниҳол ва кўчатлар тайёрланади. Орол денгизи тубида 115 минг гектар “яшил майдон” барпо этилади ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилади.
