Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда Иқлим интегратсияси моделини яратиш ташаббусини илгари сурди
2026-11-13 09:25:00 / Янгиликлар

Саммитда дунёнинг 90 дан ортиқ давлати раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқлари, етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга содиқлигини таъкидлаб, мамлакат табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этишга асосланган янги тараққиёт моделини шакллантираётганини қайд этди.
Ўзбекистон иқлим сиёсатининг асосий устувор йўналишлари парник газлари ташламаларини қисқартириш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экотизимларни тиклашдан иборат.
Президент таъкидлаганидек, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан парник газлари ташламаларини 35 фоизга камайтириш бўйича белгиланган мақсадга муддатидан олдин эришди. Шу билан бирга, 2035-йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга қисқартириш бўйича янги мақсад белгиланди. Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўрт йилдан сўнг мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улуши 54 фоизга етказилади.
Давлатимиз раҳбари сув хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Шавкат Мирзиёев сўнгги ўн йилда иқтисодиётнинг сув сиғими қарийб икки баробарга, сув олиш ҳажми эса бешдан бир қисмга қисқарганини таъкидлади. Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар суғориладиган ерларнинг 60 фоиздан ортиғини қамраб олди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари келгуси йилдан Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раисликни қабул қилишини маълум қилди. Мамлакат трансчегаравий ҳавзаларни бошқариш соҳасидаги ушбу масъулиятли вазифани энг юқори даражада бажариш ниятида. Бошқа устувор йўналишлар қаторида деградатсияга учраган ерларни тиклаш, ўрмонзорлар майдонини кенгайтириш ва чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш белгиланди. Хусусан, мамлакатда ўрмонзорлар майдони 6 миллион гектарга кенгайтирилган бўлиб, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади. Чиқиндилар билан ишлаш стратегияси доирасида 3 миллиард доллардан ортиқ инвеститсия жалб этиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари экологик таълим ва ёш авлод тарбияси масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.
“Сиёсатимизнинг марказида ёш авлодга ғамхўрлик қилиш масаласи турибди. Халқимизда “Дарахтдан ҳосил олмоқчи бўлсанг, ниҳоллигидан парвариш қил”, деган мақол бор. Шу боис мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланади. Болаликдан сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, умумий макон тозалигига эътиборли бўлишга ўргатамиз”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисининг ҳар бешинчисини мактаб ўқувчиси ёки талаба ташкил этишини таъкидлади. Тизимли ёндашув натижасида 2050-йилга қадар Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатга йўналтирилган таълим билан қамраб олинади.
Нутқда минтақавий иқлим кун тартибига ҳам алоҳида ўрин берилди. Президентнинг таъкидлашича, ҳеч бир мамлакат иқлим муаммоларини мустақил равишда ҳал эта олмайди. Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув ресурслари танқислиги ва экстремал қурғоқчилик билан боғлиқ хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Ушбу умумий муаммолар минтақадаги давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда Иқлим интегратсияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари суриб, ҳамкорликни учта асосий йўналишда йўлга қўйишни таклиф этди.
