Пискентда смарт кўчатхоналар мажмуи фойдаланишга топширилди
2026-10-29 09:50:00 / Янгиликлар

Замонавий кўчатхоналарни фойдаланишга топшириш тадбирида Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов, Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Вон До Ён, Олий Мажлис Қонунçилик палатаси Öзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдуşукур Ҳамзаев, Экология қўмитаси ва Ўрмон агентлиги масъуллари, KOICA компанияси экспертлари, Пискент туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоятдаги ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов кириш сўзи билан очиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан янги ўрмонлар барпо этиш, яшил ҳудудларни янада кенгайтириш борасида эътирофли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
"Таъкидлаш жоизки, яқинда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бир йилда миллионлаб сифатли кўчатлат етиштириш имкониятига эга бўлган замонавий кўчатчилик маркази иш бошлади. Жорий йилда Андижонда ҳам умумий майдони 5 ярим гектар бўлган ақлли кўчатхоналар мажмуи барпо этилди. Мазкур кўчатхоналар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, – деди Ғолибжон Қурбонов. – Бугун Тошкент вилоятининг Пискент туманида фойдаланишга топширилаётган ушбу ақлли кўчатхоналар ҳам ана шу хайрли ташаббусларнинг узвий давомидир. Мазкур замонавий кўчатхона барпо этилишини бевосита қўллаб-қувватлаган Жанубий Корея республикаси ҳукуматига, KOICA компаниясига ҳамда уни амалга оширишга жонбозлик кўрсатган барча ҳамкорларимизга Ўрмон агентлиги номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз”.
Тадбир давомида бу ерда бунёд этилган ақлли кўчатхоналар мажмуининг рамзий эсдалик тоши тантанали тарзда очилди. Меҳмонлар мажмуа ҳудудига эсдалик учун дарахтларини экишди. Шундан сўнг, иштирокчилар кўчатхона фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишишди.
Айтиш жоизки, KOICA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати
7,7 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Тошкент кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигининг Дўнгқўрғон бўлимида барпо этилган мазкур кўчатхонада 14 та смарт иссиқхона мавжуд. Унинг умумий майдони 7 гектардан иборат. Иссиқхоналар иқлимга мос сифатли кўчатлар етиштиришга мўлжалланган автоматлаштирилган ички муҳитни доимий мониторинг қилиш ускуналари билан жиҳозланган.
Смарт технологиялар асосида кўчат етиштириш ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчат етиштириш самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашиш чора-тадбирларини амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида маҳаллий иқлимга мос кўчатлар етиштириш, уларни пайванд қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳанинг амалга оширилиши ўрмон хўжалигида мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда турли хил дарахт ва бута турларини кўпайтириш имкониятини янада кенгайтиради.
Ушбу замонавий кўчатхона катта ҳажмдаги дарахт ва бута кўчатларини етиштириш, ўрмон хўжаликларига сифатли кўчатлар етказиб бериш, республика ҳудудларида янги яшил ҳудудлар ташкил этиш, ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш ҳамда қурғоқчил ҳудудларда чўлланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Кореялик мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий усулларда кўчатлар етиштириладиган ушбу смарт иссиқхоналар бир қанча афзалликларга эга.
Энг муҳими, бундай шароитда махсус контейнерларда етиштирилган кўчатларни тоғли ҳудудларга етказиш ва экиш анча осон. Бу жиҳатлар ҳам, ўз навбатида, харажатларнинг камайишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, Ўрмон агентлиги тасарруфидаги ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун 1 100 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилди. 1 035 гектар майдонда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос 101,6 миллион туп ниҳол ва кўчатлар парвариш қилинмоқда.
Бундай кенг кўламдаги ишларнинг натижаси кўчатларни тўғри танлаш, сифатли етиштириш ва экилгандан кейинги парваришни таъминлашга бевосита боғлиқ. Пискентда барпо этилган ушбу ақлли кўчатхонада жорий этилган технологиялар сувдан самарали фойдаланиш, кўчатларни бошқариладиган муҳитда етиштириш ва уларнинг сифатини ошириш имконини беради.
Эндиликда бундай илғор тажрибаларни бошқа ўрмон хўжаликларига ҳам жорий этиш мақсад қилинган.









