Президент нутқининг мазмун-моҳиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
2026-10-07 16:35:00 / Янгиликлар

Унда Агентлик масъуллари, Республика маънавият ва маърифат маркази экспертлари ҳамда ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Президент нутқида барча соҳалар, хусусан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда янги ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилганлиги алоҳида таъкидланди.
«Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу умуммиллий маррага айланади. Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз», – дейилади нутқда.
Шунингдек, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганлиги, келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлиши, бунда табиатга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Кўтаринки руҳда бўлиб ўтган тадбирда Республика маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Эшмурод Рахимов юртимизда давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг бой тарихи ҳамда аждодларнинг бугунги авлодларга қолдирган мероси ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллиги 1991 йилда пайдо бўлмаганлиги, аксинча, истиқлол илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналари ва қадимий цивилизация тарихига эга эканлиги эътироф этилди.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида яшаб ўтган буюк алломалар ҳамда Соҳибқирон Амир Темурнинг адолат ва бунёдкорликка асосланган давлатчилик роли йод этилди. Қолаверса, мустақиллик халқимизга ўз шон-шарафи, муқаддас дини, она тили ва миллий қадриятларини қайтариб берганлиги таъкидланди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли халқимизнинг бирдамлиги, меҳнати ва бунёдкорлик салоҳияти билан боғлиқ улкан ютуқларни намоён этди.
Энди мамлакат олдида таълим, соғлиқни сақлаш, юқори технологиялар, иқтисодиёт, экология ва сув ресурсларини асраш, қонун устуворлиги, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги стратегик вазифалар турибди.
Келгуси даврда ҳам инсон қадри, халқ фаровонлиги ва миллий тараққиёт устувор йўналиш бўлиб, Ўзбекистон янада кучли, обод, тинч ва фаровон давлат сифатида ривожланади.





