"3-30-300" қандай амалга оширилади?
2026-10-06 17:35:00 / Янгиликлар

Бунда экиладиган дарахт кўчатлари сони оширилиб, ҳар бир фуқаронинг яшаш манзили, иш жойи ёки таълим муассасаси биносида камида 3 та дарахтни кўра олиши таъминланади. Шунингдек, аҳоли яшаш ҳудудларининг камида 30 фоизи яшил ҳудудга айлантирилади. Қолаверса, аҳоли яшаш жойидан камида 300 метр масофада майдони камида 0,5 гектар бўлган яшил ҳудуд барпо қилинади.
Бундан ташқари, "Яшил дастур" доирасида яшил боғлар, кўллар, сояли сайр кўчалари яратилади. Шу билан бирга, дарахтларни парваришлаш, сув тежовчи суғориш тизимлари ва чиқинди йиғиш шохобчаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Маълумот учун, шаҳар ўрмонлари иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳаво сифатини яхшилаш, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда "Nature Based Solutions Institute" (NBSI) ҳамраиси Сесил Конийнендайк 2021-йил февраль ойида шаҳарларни кўкаламзорлаштириш учун 3+30+300 тамойилини илгари сурди. Асосий мақсад яшил ҳудудларни аҳолининг яшаш, ишлаш ва таълим олиш муҳитининг ажралмас қисмига айлантиришдир.
Бугунги кунда 3+30+300 тамойили дунёнинг юзлаб шаҳарларида қўлланилмоқда. Антверпен, Афина, Белфаст, Гамбург, Мюнхен, Вашингтон каби шаҳарларда ушбу ёндашувдан фойдаланилмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилотлар уни шаҳарларни яшиллаштириш ва соғлом яшаш муҳитини шакллантириш воситаси сифатида тавсия қилмоқда. Тамойил асосида ишлаб чиқилган мезонлар шаҳар аҳолиси учун дарахтлар ва яшил ҳудудлардан тенг фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда барқарор шаҳарсозлик муҳитини яратишга хизмат қилади.
