Павловния плантациялари - Андижоннинг чинакам яшил ҳудудига айланмоқда
2026-08-12 20:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов ушбу павловния плантациясининг барпо этилиши жараёнлари, яшилликни кенгайтириш мақсадида амалга оширилган хайрли ташаббусларнинг аҳамияти хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
"2021 йилгача бугун кўриб гувоҳи бўлаётганимиз павловниязорлар ҳудуди ўрни дашт ва ялангликларидан иборат эди. Андижон давлат ўрмон хўжалиги томонидан амалга оширилган меҳнатлар эвазига ҳудудда маданий ўрмонлар барпо этилди, - деди Ғ.Қурбонов. - Бу хайрли ташаббуслар ерлар деградациясининг олдини олишга, аномал иссиқ таъсирини камайтиришга ва экотизимларни мустаҳкамлаш орқали иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади. Албатта, бугун барча хўжалик раҳбарлари ушбу хайрли ташаббусни ўз ҳудудида самарали жорий этса, бу ҳар жиҳатдан фойдали бўлади."
Маълумот ўрнида, ушбу павловниязор Асака туманининг Марҳамат тумани билан туташган адирликларидаги 100 гектардан зиёд ер майдонида 2021 йилда барпо этилган. Асосийси, ҳудудда дарахтларни суғориш имконияти ҳам яратилган.
Эътиборлиси, ўз вақтида қилинган меҳнатлар натижасида ушбу павловния плантациялари бугун вилоятнинг чинакам яшил ҳудудига айланмоқда.







