Ўзбекистонда ўрмон билан қопланган майдонлар янада кенгайтирилди
2026-01-07 09:08:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда ўтган йил мобайнида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 266 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Жумладан, баҳор мавсумида 137 млн туп, куз мавсумида эса 129 млн туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилиб, яшиллик даражаси 14,3 фоизга етказилди.
10 мингга яқин маҳаллалар ҳудуди ва аҳоли томорқалари атрофларига 48 млн туп, атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори бўлган 1 541 та саноат корхоналари атрофидаги 3 894 гектар майдонга 11 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши таъминланди.
Ушбу рақамларнинг замирида минглаб гектар яшил ҳудудлар барпо этиш, ҳавонинг мусаффолигини сақлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мужассамлашган.
Аҳоли дам олиши ҳамда сайр қилиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида “яшил майдонлар” кенгайтирилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этиш бўйича очиқ овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Натижада 155 та туман ва шаҳарларда боғ ва парклар барпо этиш бўйича якуний ишлар амалга оширилди.
Республиканинг туман ва шаҳарларида жами 475 км узунликда “Сояли сайр кўчалари” ва 378 км узунликдаги “Соғломлаштириш йўлаклари” ташкил этилди.




