Урганч шаҳар ҳокимлиги

Урганч шаҳри Хоразм вилоятнинг маъмурий маркази. Амударёнинг қуйи оқими чап соҳилида жойлашган. Шаҳар Шовот канали ўртасидан оқиб ўтиб, Урганчни шимолий ва жанубий қисмларга ажратган. Шимолий қисмида, асосан, турар жой бинолари, илмий ва маданий маориф муассасалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, жанубий қисмида эса саноат корхоналари жойлашган. Ҳар иккала соҳил бир-бири билан кўприклар орқали боғланган. Аҳолиси 155,700 кишини ташкил қилади (2025). Урганч шаҳрида ҳозирги кунда 40 та Мустақиллик, Феруз, Маърифат, Юқорибоғ, Ал-Хоразмий, Бешмерган, Шодлик, Гулшан, Гулзор, Навбаҳор, Авесто, Машъал, Янги ҳаёт, Ашхобод, Ҳамжиҳатлик, Янгиобод, Саховат, Жамбул, Бобур, Оби ҳаёт, Наврўз, Истиқлол, Кўҳна қалъа, Тозабоғ, Умид, Жингавуз, Дўстлик, Темирйўлчи, Байналминалчи, Олимпия, Гулчилар, Бўстон, Камолот, Зиёкорлар, Бинокор, Олмабоғ, Ж.Мангуберди, Исломобод, Янги Ўзбекистон, Нурли ҳаёт маҳаллалари мавжуд.
Тарихи
Шаҳарга 1646 йилда Хива хони Абулғозий Баҳодирхон томонидан асос солинган. Амударё ўз йўналишини ўзгартириб, Орол денгизи томон оқа бошлаганидан сўнг Гурганж шаҳри (Кўҳна Урганч) сувсиз қолган. Абулғозий Баҳодирхон Гурганж, Вазир қалъа (шаҳар)ларида ва улар атрофларида тарқоқ ҳолда яшаган аҳолини кўчириб Амударёнинг жан. қисмларида жойлаштирган ва аҳоли ўрнашган ҳудуд атрофини қалъа девори билан мустаҳкамлаб унга „Тоза Урганч“, яъни „Янги Урганч“ деб ном берган. Шундан кейин қадимги Гурганж шаҳрининг номи Кўҳна Урганч бўлиб қолдии. Янги Урганч билан Кўҳна Урганч оралиғи 170 км.
Янги Урганч (ҳозирги Урганч) шаҳри Буюк ипак йўлида жойлашганлиги туфайли тез суръатлар билан ривожланган савдо ва ҳунармандчилик марказига айланган. Абулғозий Баҳодирхоннинг оғли Анушахон (Анушашоҳ) даврида (1664—89) Янги Урганч яқинида катта канал қазилиб, унга Шоҳобод (Шовот) номи қўйилган.
Маҳаллий тарихчи олимларнинг маълумотлари бўйича, Янги Урганч 17—18 асрларда баландлиги 4-5 м ли девор билан ўралган қўрғон (шаҳарча) бўлган. Шаҳарчада тахминан 5 минг киши яшаган. Кўплаб майда дўконлар, устахоналар ишлаб турган. 1873 йил август ойида Туркистон вилояти газетасида Янги Урганч ҳақида шундай деб ёзилган:
Катталиги Орол бўйидаги Казалинский шаҳрича келади, атрофи қалъа деворлари билан ўраб олинган, Амударёдан 12 чақирим нарида жойлашган кичкина шаҳар. Орол денгизидан то Хивага келгунча Урганчдек гўзал шаҳар йўқ. У боғлар ва ариқлар билан ўраб олинган
1931 йилда вилоят театри Хива шаҳридан Урганчга кўчиб ўтди. 1935 йилда шаҳарда ўқитувчилар институти фаолият кўрсата бошлади. 1952 йилда Чоржўй–Урганч—Қўнғирот темир йўли қуриб битказилди. 1959 йилдан Урганч Тахиатош иссиқлик электр станцияси энергиясини ола бошлади, 1963 йилда Ўрта Осиё — Марказ магистраль газ қувурига уланди.
Шаҳар номининг келиб чиқиши милоддан аввалги 7—6-асрларга бориб таъқалади. „Авесто“ китобида Вурукаш (Орол) денгизи бўйида Урга (Урва) шаҳри бўлганлиги қайд этилган. Табиий офатлар (сув тошқини, қурғоқчилик) туфайли Урга ҳозирги Кўҳна Урганч ҳудудига кўчирилган. 8-асргача „Гурганж“ номи билан юритилган. 712 йилда шаҳар араблар томонидан босиб олинганидан кейин „Журжония“ деб аталди. 1221 йил мўғуллар эгаллагандан сўнг шаҳар номи Урганч шаклида юритила бошлади. 14-аср Европа манбаларида шаҳар (Кўҳна Урганч) Урганч шаклида тилга олинади.
Саноат
Урганчда пахта тозалаш, экскаватор, “Урганчёғ“ заводлари, пиллакашлик, тикувчилик, пойабзал фабрикалари, Ўзбекистон—Туркия “Нуртоп“ қўшма корхонаси ва бошқалар фаолият кўрсатади.
