Адлия бошқармаси бошлиғи сайёр қабул ўтказди
2026-02-19 11:30:00 / Янгиликлар
Маҳаллаларда хавфсиз ҳудуд яратиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва кескин курашиш масаласи давлат идораларининг доимий диққат марказида.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов ўзига бириктирилган, Тўрақўрғон туманидаги “қизил” тоифали ҳудуд – Исвахон маҳалласида бўлиб, аҳолининг талаб-истакларини ўрганди.
“Сайёр қабул” тарзида ташкил этилган ва туман ҳокими ўринбосарлари, хизмат кўрсатувчи идоралар вакиллари иштирокида кечган қабулда фуқаролар уй-жой, субсидия, ногиронлик масалаларида мурожаат қилдилар.
Шунингдек, ишга жойлашиш, ҳужжатлардаги ноаниқликларни бартараф этиш сингари масалаларда ҳам сўровлар бўлди. Мурожаатларнинг аксарияти ҳуқуқий тушунча бериш орқали ҳал этилди, қолганлари ўрганиб чиқилади ва ҳал этиш чоралари кўрилади.









