Қишлоқ хўжалигида илмий ёндашув — муваффақиятлар асоси.
2026-02-17 10:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб қишлоқ хўжалигидаги жараёнлар кўздан кечирилди. Жорий йилда туманда 3200 гектар майдонда пахта, 4526 гектарда ғалла етиштирилади. Албатта, бунинг учун катта меҳнат, изланиш талаб этилади.
Тажрибалар илм-фанга таяниб, янгиликларни қўллаш қандай самаралар келтиришини исботлади. Бу йил 1900 гектар майдонда Шинжон тажрибаси асосида чигит экилади ва табиийки, шунча ерда томчилатиб суғориш йўлга қўйилади.
Мутахассисларнинг билдиришича, томчилатиб суғоришни қўллаганда илдиз тизими бунга тез ва фаол кўникади, намлик ва озуқани етказиб беришни осонлаштиради, ҳаражатни сезиларли камайтиради.
Ишчи гуруҳи "Бахтиёр, Неъматжон, Шавкатжон", "Комилжон ота ЭОК", "Фозилбек Абдулҳодиев" фермер хўжаликларида ғалла ниҳоллари ривожи, шунингдек, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" фахрий унвони соҳиби Турсунбой Комиловнинг дала шийпонида чорвачиликни ҳам йўлга қўйиб, Россия давлатидан келтирилган зотдор моллар парвариши бўйича тажрибаси билан яқиндан танишди.
Вилоят ҳокими ўрганиш давомида ғалла парвариши, баҳорги долзарб юмушлар бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









