Тошлоқ тумани Ҳокимияти ҳақида

Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви уч турдаги ҳокимиятлар томонидан ташкил этилади. Булар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларидан иборат. Қонун чиқарувчи ҳокимият — Олий Мажлис бўлиб, у қуйи ва юқори палатадан ташкил топган. Қуйи, яъни Қонунчилик палатаси 150 нафар доимий равишда фаолият кўрсатувчи депутатлардан иборат бўлиб, асосан қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Юқори палата эса Сенат дейилади ва у 100 нафар сенаторлардан шаклланади. Сенаторлар ўзларининг асосий хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда вақти-вақти билан йиғилиб, Қонунчилик палатаси томонидан яратилган қонун ҳужжатларини кўриб чиқиб, қабул қиладилар.
Ижро ҳокимиятига Вазирлар Маҳкамаси бошчилигида вазирликлар, идоралар, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимликлари киради. Ижро ҳокимияти жойларда қонунларнинг ижросини таъминлаш вазифасини бажаради. Суд ҳокимиятига Республика Олий суди бошчилигида турли соҳалардаги барча судлар киради. Судлар қонун устуворлигини таъминлайди ва фуқаролар ҳамда ташкилотлар томонидан қонунларнинг бузилишига йўл қўймасликка хизмат қилади.
Тошлоқ тумани ҳокимлиги туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, халқ депутатлари туман Кенгаши ҳамда туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари ижросини таъминлайди. Туман ҳокимлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида ҳисоб беради.
Туман ҳокимлиги ваколатларининг амалга оширилиши туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, тегишли ташкилотлар, туман ҳокимлигининг доимий ва муваққат комиссиялари ҳамда бошқа ишчи органларнинг, шунингдек ҳокимлик аппаратининг ташкилий-амалий фаолияти орқали таъминланади.
Туман ҳокимлиги фаолияти туман ҳокими томонидан ташкил этилади. Туман ҳокими қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ҳудуддаги барча органлар, корхоналар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар чиқаради. Туман ҳокимининг меъёрий тусдаги ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари қарор шаклида, тезкор ва жорий масалалар бўйича ҳужжатлари эса фармойиш шаклида қабул қилинади.
“Маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг инвестицияларни кенг жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 28 ноябрдаги ПҚ–3407-сон қарорига мувофиқ туман ҳокимлиги бошқарув аппаратининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулияти ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланади.
Бошқарув аппарати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ҳужжатларига амал қилади.
Бошқарув аппарати ҳокимлик фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий-техник ва молиявий-хўжалик жиҳатдан таъминлайди, халқ депутатлари туман Кенгаши мажлисларини регламент асосида тайёрлайди, қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини назорат қилади.
Бошқарув аппарати халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятига ташкилий ва техник хизмат кўрсатади.
Тошлоқ тумани ҳокимлиги аппарати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун, Президентнинг ПҚ–3407-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган йўриқнома ҳамда тегишли регламентларга амал қилади. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун асосида олиб борилади.
Манзил: Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани
Тел: (73) 238 0494, (73) 238 10 28
Веб-сайт: https://gov.uz/oz/toshloq toshloq.uz
Иш вақти: Душанбадан жумагача 09:00 – 18:00
Дам олиш кунлари: шанба, якшанба
Тушлик вақти: 13:00 – 14:00
