“Наврўзни улуғлаш, инсонни улуғлаш!” шиори остида тантанали байрам тадбири
2026-03-17 12:50:00 / Янгиликлар

“Бу йил инсонлар баҳор фаслини ўзгача соғинч ва интиқлик билан кутдилар. Қишнинг совуқ кунларидан сўнг табиатнинг уйғониши, ҳавонинг илишиши, атроф-муҳитнинг яшил либосга бурканиши барчада ўзгача кайфият уйғотди. Шу боисдан ҳам юртдошларимиз кўклам нафасини, айниқса, Наврўз байрамини катта орзу ва ҳаяжон билан қарши олдилар.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошлоқ туманида “Наврўзни улуғлаш, инсонни улуғлаш!” шиори остида кенг кўламли, тантанали маданий тадбир ташкил этилди. Байрам тадбири миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган ҳолда юқори савияда ўтказилди.
Тадбир аввалида Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев сўзга чиқиб, барча туман аҳолисини ҳамда меҳмонларни ушбу қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида Наврўзнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва янгиланиш байрами эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг байрам дастурига мувофиқ, санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳнавий чиқишлар намойиш этилди. Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ҳамда бошқа истеъдодли санъаткорлар ўзларининг ижролари билан тадбир иштирокчиларига юқори кайфият улашдилар.
Тадбир давомида миллий таомлар кўргазмалари, халқ ўйинлари ва турли хил маданий чиқишлар ташкил этилди. Бу эса байрамона муҳитни янада жонлантириб, аҳолига унутилмас таассуротлар қолдирди. Наврўз байрами Тошлоқ туманида ҳақиқий халқ сайлига айланиб, барчага қувонч ва бахт улашди.”









