“Тошлоқ тумани ҳокими фуқаролар қабули”
2026-03-10 17:05:00 / Янгиликлар

"Қабул давомида туман аҳолисини ўйлантираётган ижтимоий, иқтисодий ва маиший масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди. Унда туман ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этиб, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида фуқаролардан иш билан таъминлаш, ер ажратиш, уй-жой масалалари, коммунал хизматлар сифати, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби қатор долзарб масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди. Ҳар бир мурожаат чуқур ўрганилиб, мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
Туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш давлат органлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири эканини, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини таъкидлади. Шунингдек, мутасадди раҳбарларга аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш, жойлардаги муаммоларни ўз вақтида ўрганиб, уларни тизимли ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.




