"Пахтага қўшимча ишлов беринг ва ҳосилингизга ҳосил қўшинг!" Наманган тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда Наманган туман фермерлари кенгашининг қўшма мурожаати
2026-07-15 13:30:00 / Пресс-релизлар

ПАХТАГА ҚЎШИМЧА ИШЛОВ БЕРИНГ ВА ҲОСИЛИНГИЗГА ҲОСИЛ ҚЎШИНГ!
Наманган тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда
Наманган туман фермерлари кенгашининг қўшма
МУРОЖААТИ
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар ҳамда аграр соҳа ходимлари !
Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, Сиз фермер ва деҳқонлар томонидан туманимиз бўйича 3 998 гектар шундан, Шинжон усулида 1 600 гектар майдонларда пахта парваришланмоқда.
Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, айниқса бу йил июль ойининг ҳар йилгидан кўра иккинчи ярми ўта иссиқ келаётганлиги сабабли сувчи, механизатор ҳамда чеканка (чилпиш) қиладиган дала ишчиларига иш ҳаққиларини ўз вақтида бериб, пахтангизда агротехник тадбирларни, жумладан, суғориш, культивация қилиш ва чеканкани ўз вақтида ташкил этишни давр тақозо этмоқда.
Азиз фермер ва деҳқонлар!
Сизнинг ҳар бир ўлчовингиз, ўз вақтида қабул қилган қарорингиз, ерга, сувга ва ўсимликка эҳтиёткор муносабатингиз мамлакатимиз пахтачилигининг янги натижасини яратади. Билимни амалиётга айлантириб, юқори ҳосил, сифатли тола, барқарор даромад ва экологик тоза далаларни биргаликда шакллантирамиз.
Мазкур ишларни шундай кўтаринки руҳда ташкил қилайликки, қилинган меҳнатимиз орқали ҳосилга ҳосил қўшиб, юқори натижаларга эришайлик. Барчангизни ушбу эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда “Долзарб 20 кун” мобайнида пахта далаларига янада ишлов беришда фаол қатнашишга даъват этамиз
Мурожаатни тўлиқ матни (DOCX, 35.6Kb)
Наманган тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими
ҳамда
Наманган туман Фермерлари кенгаши
