Наманган туман прокурорининг жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлиги бўйича мурожаатномаси
2026-05-25 12:30:00 / Пресс-релизлар
Наманган туман прокурори Х.Ш.Шухратжонов томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жиноятчиликнинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳоли билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан аҳолига мурожаат йўлланди.

Наманган туман прокурори Х.Ш.Шухратжоновнинг
МУРОЖААТНОМАСИ
Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!
Мухтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирд ек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз. Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар. Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Азиз Наманган туман аҳли!
Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор, сармоядор бўладими, барча - барча, Ўзбекистонимизда тинч ва осуда, муносиб ҳаёт шароитлари билан таьминланган, унинг ҳаёти ҳар қандай жиноий тажовуз ва таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт.
Азиз ҳамюртлар !
Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради. Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз. Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда дахлдорлик ҳисси билан ёндошишни сўрайман. Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.
Мурожаатни тўлиқ шакли (docx - 43.8 Kb)
Барчамиз жиноятдан ҳоли янги Ўзбекистон учун бирлашайлик !!!
Эътиборингиз учун раҳмат!

