Яратилган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланайлик!
2026-05-21 09:25:00 / Пресс-релизлар

ЯРАТИЛГАН ИМКОНИЯТ ВА ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ
Наманган туман фермерлари кенгашининг фермерларга
МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар!
Бугунги кунда дунёда глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги, энергия ресурслари нархининг ошиб бориши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин кўпайиши барча давлатлар қатори мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси олдига ҳам улкан вазифаларни қўймоқда. Айниқса, аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозор барқарорлигини сақлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, энг муҳими, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Жаҳонда бўлаётган мураккаб ўзгаришлар даврида ўғит ва ёқилғи мойлаш материаллари нархларининг ўсиб бораётганлиги кузатилмоқда.
Мамлакатимизда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича Давлатимиз раҳбарининг қарорлари ҳамда Ҳукуматимизнинг тегишли чора-тадбирлари асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Соҳа ходимларининг дастлабки таҳлилларига кўра, асосий турдаги минерал ўғит ва ёқилғи нархлари бошқа қатор давлатлардагига нисбатан қарийб икки баробар арзон бўлишини таъминланаётганлиги ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.
Азиз фермерлар!
Исрофгарчилик — бараканинг кушандаси. Ортиқча сув сарфи, минерал ўғитларнинг беҳуда ишлатилиши, ёқилғи исрофи, электр энергиясидан нооқилона фойдаланиш — буларнинг барчаси иқтисодий зарар келтириши билан бирга давлатимиз ресурсларига ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳар биримиз билишимиз даркор.
Наманган туман фермерлари кенгаши раёсати ҳар фермерга минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш материалларидан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланишга ҳамда яратилган имтиёз ва субсидияларнинг қадрига етишга чақиради!
Мурожаатнинг тўлиқ шакли - (доcх-27.2КБ)
Наманган туман фермерлари кенгаши

